Бизни кузатинг
my.Fergana

Платформадан фойдаланиш шартлари (оммавий оферта)

«Менинг Фарғонам» (my.fergana.uz) платформасидан фойдаланиш, хабар юбориш ва шахсга доир маълумотларга ишлов бериш тартиби

Таҳрир: 2026-йил 5-октабр. Кучга кирган сана — эълон қилинган кундан.

  1. Умумий қоидалар

    Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 367 ва 369-моддаларига мувофиқ оммавий оферта ҳисобланади: унда Платформадан фойдаланишнинг барча муҳим шартлари белгиланган ва у Платформадан фойдаланувчи ҳар қандай шахсга қаратилган.

    Платформа оператори — Фарғона вилояти ҳокимлиги Сунъий интеллект ва рақамли трансформация маркази (кейинги ўринларда — Оператор).

    Платформа — фуқаролар ва ташкилотларга ҳудуддаги муаммолар ҳақида хабар бериш, ташаббус илгари суриш, давлат органларига мурожаат юбориш, сўровномаларда қатнашиш, янгиликлар ва вилоятдаги объектлар ҳақидаги маълумотлардан фойдаланиш имконини берувчи веб-сайт, мобил илова ва Telegram бот.

    Шартлар Фойдаланувчи уларни аксепт қилган пайтдан эътиборан амал қилади (Фуқаролик кодексининг 370-моддаси, ушбу Шартларнинг 3-бўлими). Аксепт қилмасдан Платформадаги очиқ маълумотларни кўриш мумкин, лекин рўйхатдан ўтиш, кириш ва хабар юбориш мумкин эмас.

  2. Асосий тушунчалар

    • Фойдаланувчи — Платформада рўйхатдан ўтган ёки ундан фойдаланаётган жисмоний шахс.
    • Хабар — Платформа орқали юборилган муаммо, ташаббус ёки мурожаат.
    • Муаммо — ҳудуддаги коммунал, ободонлаштириш, йўл, экология ва бошқа умумий масала ҳақидаги хабар.
    • Ташаббус — маҳалла, туман ёки вилоятни ривожлантириш бўйича таклиф; аҳоли овози билан қўллаб-қувватланади.
    • Мурожаат — «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ шахсий ариза, таклиф ёки шикоят.
    • Масъул ташкилот — хабарни ҳал этишга ваколатли давлат органи ёки бошқа ташкилот.
    • Модератор — Оператор томонидан хабар ва изоҳларни текширишга ваколат берилган ходим.
    • AI ёрдамчи — хабарни таҳлил қилиб, унинг тури, соҳаси, ҳудуди ва масъул ташкилотни таклиф қилувчи сунъий интеллект дастури.
  3. Шартларни қабул қилиш (аксепт)

    Фойдаланувчи «Фойдаланиш шартлари билан танишдим ва қабул қиламан» белгисини қўйиш орқали Шартларни тўлиқ ва сўзсиз қабул қилади. Белги қуйидаги ҳолларда қўйилади:

    • рўйхатдан ўтишда;
    • Платформага киришда (телефон ва парол, SMS код ёки OneID орқали);
    • муаммо, ташаббус ёки мурожаат юборишда.

    Аксепт санаси ва қабул қилинган таҳрир Фойдаланувчи ҳисобида ва юборилган хабарда қайд этилади.

    Шартлар ўзгартирилганда янги таҳрир Платформада эълон қилинади ва Фойдаланувчи уни кейинги кириш ёки хабар юборишда қайта тасдиқлайди. Янги таҳрирга рози бўлмаган Фойдаланувчи ҳисобини ўчириши мумкин.

  4. Рўйхатдан ўтиш ва ҳисоб

    Рўйхатдан ўтиш Ўзбекистон мобил алоқа рақамига юборилган SMS код билан тасдиқланади. Кириш — телефон рақами ва парол, SMS код ёки OneID (давлат ягона идентификация тизими) орқали.

    Битта телефон рақамига битта ҳисоб очилади. Фойдаланувчи парол ва SMS кодни бошқаларга бермаслиги шарт; ҳисоб орқали бажарилган ҳаракатлар учун Фойдаланувчи жавоб беради.

    Шахсий мурожаат юбориш учун ҳисоб OneID орқали тасдиқланган бўлиши керак: қонунга кўра муаллифи кўрсатилмаган (аноним) мурожаатлар кўриб чиқилмайди.

    Фойдаланувчи «Профил» бўлимида ҳисобини исталган вақтда ўчириши мумкин. Бунда телефон рақами, исм, OneID боғланиши ва билдиришнома созламалари ўчирилади, фаол сессиялар ёпилади; юборилган хабарлар кўриб чиқиш тарихи учун сақланади, лекин муаллифи кўрсатилмайди.

  5. Хабар юбориш ва кўриб чиқиш

    Хабар матн, овоз (матнга айлантирилади), расм ва ҳужжат (PDF) кўринишида юборилади. Жой (туман, маҳалла, манзил ёки харитадаги нуқта) кўрсатилиши шарт.

    AI ёрдамчи хабарни таҳлил қилиб, турини, соҳасини, ҳудудини ва масъул ташкилотни таклиф қилади, зарур бўлса аниқлаштирувчи савол беради. Фойдаланувчи юборишдан олдин барча майдонларни текширади ва ўзгартириши мумкин. AI таклифлари тавсия характерига эга: хабар бўйича қарорни масъул ташкилот ва модератор қабул қилади.

    Муаммо масъул ташкилотга йўналтирилади. Унинг ҳолати (янги, ижрода, жавоб берилди, тасдиқланди, рад этилди ва бошқалар), масъул ташкилот ва ҳал этиш муддати Платформада кўрсатиб борилади.

    Ташаббус модератор томонидан текширилгач овоз беришга қўйилади. Белгиланган овоз чегарасига (маҳалла, туман ёки вилоят даражаси) етган ташаббус масъул ташкилот томонидан кўриб чиқилади.

    Мурожаатлар «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун асосида, қоида тариқасида, келиб тушган кундан эътиборан 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш талаб этилса — бир ойгача муддатда кўриб чиқилади. Мурожаатлар сайтда эълон қилинмайди.

    Платформа фавқулодда хизмат эмас. Ҳаёт, соғлиқ ёки мол-мулкка бевосита хавф туғилганда дарҳол 112 (ягона фавқулодда хизмат), 101, 102, 103 ёки 104 рақамларига қўнғироқ қилинг.

  6. Хабарни очиқ кўрсатишга розилик

    Муаммо ёки ташаббус юборишда Фойдаланувчи «Сайтда очиқ кўрсатилишига розиман» белгиси орқали хабар мазмуни ҳамма учун эълон қилинишига розилик беради ёки бермайди. Белги стандарт ҳолатда қўйилган, уни олиб ташлаш мумкин.

    Розилик берилганда сайтда хабар сарлавҳаси, матни, расмлари, манзили, харитадаги жойи, ҳолати ва масъул ташкилот жавоби очиқ кўрсатилади; бошқа фойдаланувчилар муаммога изоҳ қолдириши, ташаббусга овоз бериши мумкин. Ҳал этилган муаммолар Платформа янгиликлари, ҳисоботлари ва статистикасида ишлатилиши мумкин.

    Розилик берилмаганда хабар сайтда ёпиқ ҳолатда кўрсатилади: фақат рақами, ҳолати ва санаси кўринади, мазмуни, расмлари ва манзили кўрсатилмайди. Ёпиқ хабар ҳам масъул ташкилотга йўналтирилади, одатдагидек кўриб чиқилади ва статистикада ҳисобга олинади. Ёпиқ ташаббус оммавий овозга қўйилмайди.

    Муаллифнинг телефон рақами, тўлиқ исми ва OneID маълумотлари ҳеч қачон очиқ кўрсатилмайди; изоҳларда муаллиф «Исм Ф.» кўринишида берилади. Шахсий мурожаатлар ҳар доим ёпиқ.

  7. Фойдаланувчининг мажбуриятлари

    Фойдаланувчи:

    • ҳаққоний маълумот юборади, атайлаб ёлғон хабар бермайди;
    • бошқа шахсларнинг шахсга доир маълумотларини (телефон, уй манзили, ҳужжатлар, юзи аниқ кўринган расмлар) уларнинг розилигисиз жойлаштирмайди;
    • ҳақорат, туҳмат, камситиш, зўравонлик, экстремизм ва терроризмга даъват, одоб-ахлоққа зид материалларни жойлаштирмайди;
    • реклама ва спам тарқатмайди, бир хил хабарни қайта-қайта юбормайди, автоматлаштирилган воситалар билан Платформага ортиқча юклама бермайди;
    • муаллифлик ҳуқуқи бошқа шахсга тегишли материалларни рухсациз юкламайди;
    • Платформа хавфсизлигини бузишга ва бошқа фойдаланувчилар ҳисобига киришга уринмайди.
  8. Модерация

    Оператор ва модераторлар ушбу Шартлар ва қонун ҳужжатларига зид хабар, изоҳ, расм ва шарҳларни яшириш, рад этиш, улардаги шахсга доир маълумотларни олиб ташлаш ҳуқуқига эга.

    Қоидалар қайта ёки қўпол бузилганда ҳисоб вақтинча ёки бутунлай блокланиши мумкин. Спамнинг олдини олиш учун изоҳ ва хабарлар сони чекланади.

  9. Шахсга доир маълумотлар

    Шахсга доир маълумотларга ишлов бериш «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Фойдаланувчининг розилиги асосида амалга оширилади. Шартларни аксепт қилиш орқали Фойдаланувчи қуйидаги маълумотларга ишлов берилишига розилик беради:

    • телефон рақами;
    • исм ва фамилия (Фойдаланувчи киритган ёки OneID орқали тасдиқланган);
    • ҳудуд, маҳалла, манзил ва харитадаги жой;
    • юборилган матн, расм ва ҳужжатлар;
    • овозли хабар — матнга айлантирилади, аудио ёзувнинг ўзи сақланмайди;
    • расмдаги жойлашув маълумоти (EXIF) — фақат ички текширув учун; расм метамаълумотлари сақлашда олиб ташланади;
    • техник маълумотлар (қурилма тури, IP манзил, кириш вақти) — хавфсизлик ва суиистеъмолларнинг олдини олиш учун.

    Ишлов бериш мақсадлари:

    • хабарни рўйхатга олиш, масъул ташкилотга йўналтириш ва кўриб чиқиш;
    • Фойдаланувчига хабар ҳолати ҳақида билдиришнома юбориш;
    • статистика ва рейтингларни шахсни аниқламайдиган кўринишда юритиш;
    • Платформанинг хавфсиз ва сифатли ишлашини таъминлаш.

    Маълумотлар хабарни кўриб чиқиш учун зарур ҳажмдагина масъул ташкилотга берилади, учинчи шахсларга сотилмайди ва қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари берилмайди. Маълумотлар ва AI таҳлили Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги, Оператор назоратидаги серверларда сақланади ва бажарилади.

    Юборилмай қолган қораламалар 30 кундан кейин шахсни аниқламайдиган ҳолатга келтирилади.

    Фойдаланувчи ўз маълумотлари билан танишиш, уларни «Профил» бўлимида ўзгартириш, ишлов беришга розиликни қайтариб олиш ва ҳисобини ўчириш ҳуқуқига эга. Розилик қайтариб олинганда янги хабар юбориш имконияти тўхтатилади; қонунга кўра сақланиши шарт бўлган мурожаат маълумотлари белгиланган муддат давомида сақланади.

    Платформа браузерда фақат кириш сессияси, тил ва мавзу (ёруғ/қоронғи) созламаларини сақлайди. Реклама ва учинчи томон кузатув воситалари ишлатилмайди.

  10. Билдиришномалар

    Хабар ҳолати ўзгарганда Фойдаланувчига SMS, Telegram, мобил илова ёки сайт ичидаги билдиришнома юборилади. Билдиришнома турларини «Профил» бўлимида ўчириш мумкин (кириш учун юбориладиган SMS коддан ташқари).

  11. Каталог, брон ва тўловлар

    Каталогдаги объектлар (чойхона, меҳмонхона, хизмат кўрсатиш шохобчалари ва бошқалар) ҳақидаги маълумотларни уларнинг эгалари ёки очиқ манбалар тақдим этади.

    Брон қилиш ва хизмат учун тўлов объект эгаси билан Фойдаланувчи ўртасидаги муносабат ҳисобланади; тўловлар Payme ва Click тўлов тизимлари орқали амалга оширилади. Оператор хизмат сифати учун жавобгар эмас, лекин шикоятларни кўриб чиқади ва қоидабузар объектларни яшириши мумкин.

    Объект ҳақидаги шарҳ тасдиқланган ташрифдан кейин қолдирилади ва модерациядан ўтади.

  12. Интеллектуал мулк

    Платформа дизайни, дастурий таъминоти, номи ва логотипи Операторга тегишли.

    Фойдаланувчи ўзи юборган материалларга бўлган ҳуқуқларини сақлаб қолади. Очиқ кўрсатишга розилик берилган материалларни Фойдаланувчи Операторга Платформада, унинг янгиликлари ва ҳисоботларида бепул, муддациз ва ноексклюзив асосда ишлатиш ҳуқуқини беради.

  13. Жавобгарлик

    Платформа «борича» тақдим этилади. Оператор унинг узлуксиз ишлашини таъминлашга ҳаракат қилади, аммо техник ишлар, шунингдек учинчи шахслар хизматларидаги (SMS, OneID, тўлов тизимлари) узилишлар учун жавобгар эмас.

    Хабар мазмуни ва унинг ҳаққонийлиги учун муаллиф, хабарни ҳал этиш учун — масъул ташкилот жавоб беради.

    Ёлғон хабар бериш, туҳмат ва ҳақорат қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

  14. Низоларни ҳал этиш

    Ушбу Шартларга Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги қўлланилади. Низолар музокаралар йўли билан, келишувга эришилмаса — Ўзбекистон Республикаси судларида ҳал этилади.

  15. Алоқа

    • Оператор: Фарғона вилояти ҳокимлиги Сунъий интеллект ва рақамли трансформация маркази
    • Телефон: +998 73 244-05-35
    • Telegram: @myfergana_support
    • Сайт: my.fergana.uz